Ўзбекча
Навоий вилояти
адлия бошқармаси
расмий веб сайти
Телефон:
(0 436) 223-01-38

ОИЛА- ФАРЗАНДЛАР ОШИЁНИ УНИ БУЗИБ ДИЛБАНДЛАРИНГИЗНИ АРОСАТДА ҚОЛДИРМАНГ!

Дата: 29.12.2017    

           Инсоннинг  барча орзу-умидлари, қувонч ва ташвишлари энг аввало оиладан бошланишини барчамиз яхши биламиз.  Чунки  оила тинчлиги ва хотиржамлигида инсоннинг катта манфаати, бахти-саодати  мужассамлашган.   Зеро,  ОИЛА фарзандларимизни камолга етказувчи, барчамизни кўзланган ёруғ манзилларга етакловчи, ҳамжиҳатлик ва бирдамликни, ўлмас қадриятларни, тотувликни авлодлардан- авлодларга етказувчи  ҳақиқий бахт  ва саодат ошиёнидир! Баркамол авлодни тарбиялашда энг аввало оила масъуллиги  муҳимлигини  инкор этиб бўлмайди.

 Шу ўринда Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Қиз бола – бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир. Бугун биз уларга қандай таълим-тарбия берсак, эртага улар янги авлодимизга шундай тарбия беради”  деган куйинчак ва доно фикрларида  ҳаётий маъно мужассамлигини алоҳида эътироф этиш даркор. Ҳақиқатдан ҳам,   ўзи тарбияга муҳтож  бўлган одам қандай қилиб боласига, бошқаларга  ўрнак бўла олади.   Шарқона ҳурмат-иззатда, одобу ахлоқда, маънавият ва илм –маърифатда  бошқаларга  намуна бўладиган ёшларни, айниқса қизларни тарбиялаш келгуси авлодларимиз баркамоллигини таъминлаш кафолати десак, асло янглишмаймиз. Кейинги йилларда     қизлар тарбияси, одоби, ҳаёси, ибоси   барчамизни ташвишга солаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.  Мактабни тугатиб, коллеж ва лицейларга ўқиш учун  четдан келган қизларнинг аксарияти ота-она назоратидан чиқиб кетиб, ўзларини жуда эркин тутиб,  “кўнгил”га келган ишни қилиб, кечирилмас хатоларга йўл қўяётганлигини бугун яширишнинг ҳожати йўқ.   

         Маънавиятда, одобу ахлоқда миллатимизнинг ўз  юксак ўрни бор.  Унинг илдизлари жуда чуқур. У авлоду аждодларимизга бориб тақалади. Маънавияти бутун оилаларнинг фарзандлари комил ва имонли, яхши хулқли бўлиши аниқ.  Молу давлат бойлик, зебу зийнатлар фарзандларга  яхши мерос бўлолмаслиги аниқ. Зеро, Ҳазрат Навоийнинг ҳикматларидан бирида шундай дейилади: “Элга молу дунё, шараф-шон обрў бўлмай, ҳаё билан одобгина шараф ҳисобланади. Чунки ёғиннинг бошланиши ҳаё бўлганидек, унинг ҳар қатраси тупроқни кимёга айлантиради.” 

Ҳаёт қувонч ва ташвишларга тўлиқ. Маълумки, ФҲДЁ бўлимлари ходимларининг туғилиш, никоҳ каби ҳаётнинг энг  азиз ва қутлуғ кунларига гувоҳ бўлиш билан бирга ўлим ҳолатини қайд этиш, никоҳни бекор қилиш  каби қайғули ва ташвишли ҳолатларга ҳам гувоҳ  бўлишини кўпчилик яхши билади.  Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд этилаётган ҳар бир ҳолат ортида инсон, унинг тақдири  бор. Никоҳни қайд этиш  ёки фарзанд дунёга келганда, унга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олишдаги ҳолатнинг қувончли  ва бахтиёр лаҳзаларини  сўз билан тасвирлаш қийин. Аммо яқин кишисини йўқотиш, айниқса  бегуноҳ болаларни тирик туриб ота  ёки она меҳридан жудо бўлишга маҳкум қиладиган никоҳдан ажралиш қоғозининг  оғир юки  ҳар қандай киши қалбини изтиробга солиши аниқ.

Тўғри, ажралиш сўнгги бекат эмас... Афсуски, буни жуда кўплаб  оилани муқаддас эмас, ўйинчоқ,  деб ўйлаётган ёшлар тушуниши қийин бўлаяпти. Навоий шаҳар ФҲДЁ бўлимида 2017 йилнинг 11 ойида 260  та никоҳни бекор қилиш ҳолати қайд этилган  бўлиб, шундан 38 таси ФҲДЁ бўлимининг ўзида яъни ўзаро розилик асосида вояга етмаган болалари  ва мулкий низоси бўлмаган шахслар ўртасида, 221 таси фуқаролик судлари томонидан никоҳлари бекор қилинган фуқаролардир. Шундан битта никоҳ  эр ёки хотини 3 йилдан ортиқ бўлган озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахслар ўртасида, қолганлари эса никоҳни бекор қилишга арзимайдиган ҳолатларда бузилганлиги ачинарли албатта.  Бу ҳолат 2016 йилда 221 та  қайд этилган бўлиб, шундан 31 таси ФҲДЁ бўлимининг ўзида ўзаро розилик асосида никоҳлари бекор қилинган бўлса, 188 таси фуқаролик судлари томонидан никоҳлари бекор қилинган. Судлар орқали бекор қилинган никоҳлар ортида қанча-қанча вояга етмаган ўғил-қизларнинг тақдири, ҳаёти, кўз ёшлари, меҳрга зор  ўксик кўнгиллар машаққати борлигини тасаввур қилиш  қийин эмас.  Болаларининг бахти саодати, келажагини ўйлаб яшаётган   миллатимизнинг  бундай ҳолатларга йўл қўйишини оқлаб бўлмайди, албатта.

Бунга  асосий сабабни, ёшларнинг ҳаётнинг оддий синовларидан ўтолмаслигида, яна бир сабабни ён атрофдагиларнинг, айниқса, маҳалланинг эътиборсизлигида кўриш мумкин.  Маълумки, ФҲДЁ бўлимига ариза билан мурожаат қилаётган шахсларнинг никоҳларини бекор қилишдан аввал уларни яраштириш чоралари кўрилиши учун маҳалла қошида ташкил этилган яраштирув комиссияларига йўналтирилиш механизми яратилган.   

Афсуски, ушбу комиссияларнинг  бугунги кундаги фаолиятини қониқарли, деб бўлмайди. Аксарият маҳаллаларда яраштирув комиссиялари умуман ишламайди   Масалан, шаҳримиздаги  “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғинига йўналтирилган фуқаролар эр-хотин Э. ҳамда Г. Ибрагимларни яраштириш ўрнига яраштирув комиссияси номидан маҳалла раиси, посбони ва маслаҳатчиси шунчаки далолатнома тузишиб, унда фуқаронинг никоҳини бекор қилишга тўсқинлик қилувчи ҳеч қанақа тўсиқ йўқлиги баён қилинган. Ваҳоланки, яраштирув комиссиясининг вазифаси қанақа ҳолат бўлишидан қатьий назар  эр -хотинни яраштиришга, оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилишдан иборатдир. Ёки  “Истиқлол”  маҳалла фуқаролар йиғини яраштирув комиссиясига йўналтирилган фуқаролар  А.Турдиев ва  Н.Жўраеваларнинг  оилавий муаммолари ушбу маҳалла раиси Р. Гулямов   томонидан   комиссия иштирокисиз бир ёқлама ўрганилиб,  маълумот берилган холос.

Энг  ачинарлиси, никоҳлари қонуний қайд этилиб, ҳали тўйи бўлиб улгурмаган фуқароларнинг никоҳлари бекор қилинаётганлиги ҳолати ҳисобланиб, бундай никоҳ бекор қилишлар 2017 йилнинг ўзида 7 тани ташкил этди. Бу ҳали бошланмаган никоҳнинг тугатилиши ҳисобланиб, ўзбек менталитетига  хос бўлмаган ҳолатдир.  Бундай ажримларнинг сабаблари ўрганилганда, келин- куёв бўлмишларнинг ҳали оила деб аталмиш муқаддас гўшага нисбатан муносабатлари жиддий эмаслиги, чиройли кийимлар кийиш учун турмушга чиқаётган қизларнинг  эркаликлари,  келинни ёқтирмасдан онаси олдидаги мажбурияти учун турмуш қураётган йигитларимизнинг тўйгача бўладиган беқарор қарори, қуда-андаларнинг бемаъни тортишувлари сабаб бўлмоқда. Масалан, 22 сентябрда тўйи белгиланиб, 21 августда никоҳлари қайд этилган  А. Мустафоев ва Б. Гайибжоноваларнинг никоҳлари тўйгача бекор бўлишига куёв бўлмишнинг оналари келин  томоннинг куёвга қилган сарполари туркия маҳсулотлари эмаслиги учун  тўйни бекор қилганликлари ҳақида гапиришнинг ўзи молпарастлик, оилага нисбатан  ҳурматсизликни кўрсатиб турибди.   Худди шундай ҳолат  шаҳардаги “Ватан” маҳалласининг ўзида жорий йилда 3 тани ташкил этганлиги бу масалага  маҳалла институтининг жиддий эътиборини қаратишни тақозо этмоқда.        Бундай ҳолатлар зиммамизга  бугунги глобаллашув жараёнида оиланинг муқаддаслигини таъминлашга эътиборни янада кучайтириш вазифасини юклаши аниқ.   

Оила- фарзандлар учун бахт ошиёни, уни бузиб, дилбандларингизни аросатда қолдирманг! Оилани муқаддас билинг!


  Дилобар ПАРДАЕВА, Навоий шаҳар ФҲДЁ бўлими мудири

 


  


    
        

                                              

       

 

 



Фотосуратлар
Видеолавҳалар
Lex.uz дан излаш


Фойдали манбалар

Orphus hatolitlarni tekshirish tizimi