Ўзбекча
Навоий вилояти
адлия бошқармаси
расмий веб сайти
Телефон:
(0 436) 223-01-38

Ҳуқуқий ёрдам такомиллашмоқда

Дата: 29.11.2017    

Мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли жабҳаларида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.

Ушбу ислоҳотлар иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олган бўлсада, уларни амалга оширишдан кўзланган мақсадлар ичида давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш алоҳида ўрин туради. Чунки, бунинг негизида энг аввало инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, халқнинг ҳаётини ва яшашини яхшилаш, ҳуқуқий онгини ошириш, уларга кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдамни такомиллаштириш мақсади мужассам.

Ўзбекистон Президенти 7 февраль кунги фармони билан 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини тасдиқлади. Стратегия лойиҳаси долзарб ҳамда аҳоли ва тадбиркорларни ташвишга солаётган масалаларни комплекс ўрганиш, қонунчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиёти ва хорижий тажрибани таҳлил қилиш якунлари бўйича ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Президентининг 7 февраль кунги фармони билан тасдиқланган 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш,  нотариат ва фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари тизимини ислоҳ қилиш кераклиги  қайд этилди, чунки ушбу ислоҳотлар самараси якунида фуқароларга хизмат кўрсатишни енгиллаштириш, ҳуқуқий ёрдамни такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида халал берадиган бюрократик тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш мақсади олдинга сурилади.

Нотариат институти зиммасида ҳам ана шу стратегик масалаларни ҳал қилишда ўз олдига қўйган қатор муҳим вазифалар мавжуд. Фуқароларга ҳуқуқий ёрдам бериш,  малакали юридик хизмат кўрсатиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний  асосларда ўз ваколати  доирасида ҳимоя қилиш шулар жумласидандир.

Мазкур фармон ушбу соҳадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга қаратилган туб ислоҳотларни амалга оширишга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йил 27 февралдаги 106-сон “Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йил 5 апрел куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 71-мх-сонли буйруғи қабул қилинди ва нотариат соҳасига оид деярли барча норматив ҳужжатларга ўзгартишлар киритилди.

Жумладан, ушбу буйруққа асосан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдамни янада такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар белгиланди:

кўчмас мулкларни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини тасдиқлаш Тошкент шаҳрида — 2017 йил 1 июлдан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — 2018 йил 1 июлдан эътиборан идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда нотариал тасдиқлаш тартиби йулга қуйилиши белгиланди.

Унга кўра, кўчмас мулкларни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини тасдиқлаш учун ариза берувчи давлат нотариал идорасига Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида шахсий кабинет орқали электрон аризани бевосита тўлдириш йўли билан ёки электрон аризани тўлдириш учун кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилди, паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат билан нотариал идорага ўзи келиб мурожаат қилиши мумкин.

Электрон ариза тўлдирилгандан кейин солиқлар, коммунал хизматлар (газ таъминоти, совуқ сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш, иссиқлик таъминоти (марказий иситиш ва иссиқ сув таъминоти) бўйича хизматлар) ва электр энергияси бўйича қарздорлик, кўчмас мулкка нисбатан тақиқ ва хатлаш мавжудлиги Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ёки Тизимда идоралараро электрон ҳамкорлик орқали автоматик тарзда текширилади. Бунда ариза берувчи солиқлар, коммунал хизматлар ёки электр энергияси бўйича аниқланган қарздорликни нотариал идорада, шу жумладан электрон тўлов тизимлари орқали тўлаши мумкин бўлади.

Ариза берувчи битимни нотариал тасдиқлаш учун электрон аризага ноёб рақам берилган вақтдан бошлаб 10 календарь кун ичида нотариал идорага келадиган кун ва қулай вақтни белгилаган ҳолда нотариус қабулига олдиндан ёзилиши мумкин.

Маълумки, фуқаролар кўчмас мулкларни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини нотариус орқали расмийлаштиришга керакли ҳужжат ва маълумотномаларни йиғиш учун бир қанча жойларга бориши керак бўлади. Баъзан битта маълумотномани олиш учун ҳам 2-3 жойга имзо қуйдириш лозим. Бундай ҳолларда фуқаролар сарсонгарчилигига, вақт йуқотишига ва асаббузарлик ҳолатлари вужудга келади.

Юқорида келтириб ўтилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқароларга кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдамни такомиллаштириш, сансалорликка йул қўймаслик, уларнинг вақтини тежаш ҳамда идораларда вужудга келадиган узундан-узоқ навбатларга барҳам бериш ҳамда  жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда бюрократик тўсиқ ва ғовлар яратилишига йул қўймаслик мақсадида қабул қилинган.

Л.Ғ.Норбутаева,  Навоий шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси

 



Фотосуратлар
Видеолавҳалар
Lex.uz дан излаш


Фойдали манбалар

Orphus hatolitlarni tekshirish tizimi